2018-06-19 16:05:30

АДЛИЯ ОРГАНЛАРИДА ШАФФОФЛИК — ЭНГ УСТУВОР МАСАЛА

Адлия вазирлиги фаолиятида шаффофликни таъминлаш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришларини назорат қилиш, шунингдек, иш фаолиятида суиистеъмолликларнинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги тизимли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.Бу ҳақда вазирлик расмий сайти хабар берди.

 Дастур адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, унда адлия органлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш вазирлик фаолиятининг асосий принципларидан бири деб белгиланган.

Шунингдек, ҳафтанинг маълум куни адлия органларида “Ҳуқуқий билимлар куни”, 2018 йилнинг июль ойида эса барча адлия органлари ва муассасаларида “Одоб-ахлоқ ойлиги” эълон қилинди.

Энди барча адлия органлари ва муассасаларида фаолият юритувчи ходимларга давлат органлари ва ташкилотларида қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган одоб-аҳлоқ намунавий қоидаларининг мазмун-моҳиятини, хулқ-атворни бузганлик учун қўлланадиган жавобгарлик чораларини тушунтириш ишлари мунтазам равишда олиб борилади. Бунинг учун мавзуга оид видеороликлар ва тарқатма материаллар тайёрланади. Ижтимоий тармоқларда ва ОАВда турли чиқишлар қилинади. Шунингдек, адлия органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилади.

Дастурда адлия органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган. Маълумки, коррупцияга қарши курашда давлат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилган ва хизмат вазифасини виждонан бажарган энг намунали ходимларни рағбатлантириш кўзда тутилган.

“Туркистон-пресс”