2018-06-19 16:07:48

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ БОРАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегациясининг Вена шаҳри (Австрия)га ташрифи доирасида Халқаро антикоррупция академияси ректори Мартин Кройтнер билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро антикоррупция академияси раҳбарига республикада коррупцияга қарши курашиш, унинг даражасини минималлаштириш, давлат ва жамият ҳаётидаги коррупциоген омилларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, 2017 йилда Президент ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни ва 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқароҳуқуқий нуқтаи назардан БМТ коррупцияга карши курашиш Конвенцияси ва ИХТТ Стамбул ҳаракатлар режасининг тавсияларини имплементация қилиш, жиноят ишларини тергов қилиш ва активларни қайтариш бўйича олиб борилган ишлар борасида айтиб ўтилди.

Шу билан бир қаторда, мазкур ҳужжатда ушбу ғайриижтимоий ҳодисага қатъий муросасизликни шакллантириш, жамиятнинг хабардорлигини ошириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишлари акс эттирилган.

М.Кройтнер Ўзбекистонда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Академиянинг зарурий экспертлик салоҳиятини сафарбар қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Учрашув якунида Академия раҳбари келгусида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикасига таклиф этилди.