2018-06-19 16:25:11

НАВОИЙДА “ЙИЛНИНГ ЭНГ ФАОЛ ЁШ МУТАХАССИСИ” АНИҚЛАНДИ

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий  тарзда ташкил этиладиган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” республика  кўрик-танловининг Навоий вилоят босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ёшлар етакчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидландики, бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида ёшларни Она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни Ватанимиз тараққиётини таъминлаш йўлидаги эзгу ишларга рағбатлантириш, онгу шуурида юртга дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ишларни янги босқичга кўтариш, уларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, касбий маҳоратини ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда

Кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 8 та номинация бўйича 100 га яқин мутахассислар беллашди.  Шундан  30 га яқин номзодлар вилоят босқичида иштирок этди.

Кўрик-танлов натижаларига кўра, Карим Маматов — “Энг фаол ёш шифокор”, Чарос Маматова — “Энг фаол ёш тарбиячи”, Ином Баҳрамов — “Энг фаол ёш олим”, Аслиддин Очилов — “Энг фаол ёш фермер”, Фарҳод Бобоёров — “Энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими”, Азиз Нурматов — “Энг фаол ёш ички ишлар ходими”, Шуҳрат Рустамов — “Энг фаол ёш қурувчи”, Жаҳонгир Йўлдошев — “Энг фаол ёш транспортчи” номинациялари бўйича биринчи ўрин ғолиблари бўлишди.

Ғолиблар Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совға ва дипломлари билан тақдирландилар.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”