2018-06-20 10:46:45

ТОШКЕНТДА ШАРҚ ЯККАКУРАШЛАРИ БЎЙИЧА КАТТА ФЕСТИВАЛЬ БЎЛИБ ЎТДИ

19 июнь куни пойтахтимиздаги «Зарафшон» киноконцерт саройида жанг санъати ва шарқ яккакурашлари бўйича катта спорт фестивали ташкил этилди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган ушбу спорт байрамида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 25 та спорт яккакураш федерация ва ассоциациялари вакиллари иштирок этишди.

Фестивалда Шарқ яккакурашлари ҳисобланган каратэ ва таэквондонинг турли йўналишлари, шунингдек, дзюдо, самбо, ушу, пенчак-силат, муайтай, кикбоксинг, ўзбек жанг санъати, қўл жанги, турон каби спорт турлари вакиллари ўзларининг кўргазмали чиқишлари билан йиғилганларни ҳушнуд этишди.

Ушбу ажойиб ҳаракатлар томошабинларда катта таассурот қолдирди ва давомий олқишларга сазовор бўлди. Қолаверса, фестивалга ташриф буюрганлар таниқли мураббий ва спортчилар билан мулоқот қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Шарқ яккакурашлари федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортимиз юлдузлари ва мухлислар иштирок этишди. Таниқли хонанда ва эстрада юлдузларининг иштироки эса спорт байрамига ўзгача файз бағишлади.

“Туркистон-пресс”