2018-06-20 11:03:09

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИДА ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ВА БМТТДНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Адлия вазирлигида  вазирлик ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Х.Тўрахўжаевнинг Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи  Овидиу Мик, ЕИ лойиҳалари менежери Алессандро Лиамини ҳамда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Х.Тўрахўжаев меҳмонларга мамлакатимизда давлат хизматларини тақдим этиш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистонда барча жабҳаларда рўй бераётган замонавий ривожланиш тенденциялари, жумладан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, давлат хизматларини оптималлаштириш йўлидаги тизимли ва изчил чора-тадбирлар, шунингдек, давлат хизматларини тақдим этиш жараёнининг жадал ривожлантиришини таъминлаш ва модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга оид долзарб маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув чоғида Давлат хизматлари агентлиги ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар, қўшма лойиҳа фаолияти истиқболлари муҳокама этилди.

 Овидиу Мик ҳудудлардаги давлат хизматлари марказларининг 5 та тажриба лойиҳаларини йўлга қўйиш орқали давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни ўрнатилишини, давлат хизматлари марказлари тармоғи орқали давлат хизматлари кўрсатишни  ишлаб чиқиш, режалаштириш, жорий қилиш ва ушбу сиёсатни мониторинг қилиш мақсадида  Давлат хизматлари агентлиги, Адлия вазирлиги ва уларга боғлиқ агентликларнинг институтционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, Европа стандартлари бўйича Давлат хизматлар  агентлиги ходимларини ўқитиш масалаларини устувор масалалар сифатида қайд этди. 

Учрашув мобайнида томонлар икки томонлама ҳамкорликка оид қатор долзарб масалалар, хусусан давлат хизматлари марказларини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хориж тажрибасини ўрганиш ва давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги миллий кадрларнинг чет элда стажировка ўташларини ташкил қилиш масалалари бўйича ҳам муҳокама олиб борилди.

Томонлар ҳамкорликдаги ишларни янада мувофиқлаштириш мақсадида мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

“Туркистон-пресс”