2018-06-20 11:08:21

“АДОЛАТ” СДП: АНИҚ МАҚСАД ВА АМАЛИЙ ИШЛАР ЙЎЛИДА

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг мақсад ва фаолиятини тарғиб этишда бошланғич партия ташкилотларининг ўрни беқиёс. Партиянинг Вобкент туманида ташкил этилган қатор БПТ аъзолари ҳам партия сайловолди дастурларидан келиб чиққан ҳолда унинг вазифаларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов Бухоро вилоятига қилган ташрифи чоғида 50 нафарга яқин партия аъзоларини ўз ичига олган Вобкент туман мактабгача таълим бўлимида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти фаолиятининг тарғибот ишлари билан танишди. Шунингдек, 1-, 8-, 9-мактабача таълим муассасаларида бўлиб, бевосита болажонлар учун яратилган шароитлар ва имкониятларни ўрганди.

Жумладан, 1-МТМда 15 нафар, 8-МТМда 10 нафар ҳамда 9-МТМда мавжуд 8 нафар партиядошларимиз келажагимиз эгалари учун инновацион технология ва ишланмалардан фойдаланган ҳолда уларнинг билим даражаси ҳамда фаоллигини шакллантиришда ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Хусусан, 1-МТМда тушлик вақтида ҳар бир гуруҳда аудиоёзув асосида “Алла” куйининг эшиттирилиши Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосарини бефарқ қолдирмади. Шунингдек, машғулотларнинг ўтиш даражаси ва сифати, фойдаланиладиган кўргазмали қуроллар билан танишган Абдукамол Раҳмонов болаларнинг қизиқишини янада ошириш, фаол ва ташаббускор қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.

БПТ фаолиятларини ўрганиш жараёнида лойиҳалар доирасида қилинган ишлар ижобий баҳоланди. Айниқса, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Мактабгача таълим —кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаларида қилинган тарғибот-ташвиқот ишлари барчага бирдек яхши кайфият бағишлади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).