2018-06-20 11:18:40

АЙРИМ ЙЎНАЛИШЛАР БЎЙИЧА ОЛИЙ МАЪЛУМОТГА ЭГА БЎЛГАН ШАХСЛАР ЮРИДИК МУТАХАССИСЛИККА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАНАДИ

“Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳуқумат қарори қабул қилинди.Бу ҳақда адлия вазирлиги расмий сайти хабар берди.

Мазкур қарор билан “Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Низомга кўра:

тингловчиларни қабул қилиш Тошкент давлат юридик университети Кенгаши томонидан белгиланган ўринларга мувофиқ, тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

тингловчиларни қабул қилиш суҳбат шаклида ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижасига кўра амалга оширилади;

кириш имтиҳонлари юридик касбни танлашнинг асослантирилиши, ҳуқуқ соҳасидаги таянч билимлар ва таҳлилий фикрлашни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказилади;

қайта тайёрлаш курсларида ўқиш давлат ва рус тилларида амалга оширилади;

қайта тайёрлаш курсларида ўқитишнинг давомийлиги олти ойни ташкил этади ва асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади.

Қабул қилиш тўғрисидаги аризага қуйдагилар электрон шаклда илова қилинади:

паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;

олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма);

3,5х4,5 см ўлчамдаги рангли фотосурат.

Кириш имтиҳонлари натижалари рейтинг тизимига мувофиқ номзодга қўйилган балларни (0 дан 100 гача) назарда тутган ҳолда аниқланади ва ТДЮУ ректори томонидан тасдиқланадиган Имтиҳон комиссияси мажлиси баённомасига киритилади.

Кириш имтиҳонлари натижалари Марказнинг расмий веб-сайтида суҳбат жараёнининг сўнгги босқичи бўлиб ўтгандан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан жойлаштирилади.

Талабгор кириш имтиҳонига келмаган тақдирда унга 0 балл қўйилади. Суҳбат якуни бўйича белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган тақдирда талабгор қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинмайди.

Қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

белгиланган ўринлар сонини инобатга олган ҳолда кириш имтиҳонидан муваффақиятли ўтганда (суҳбатда белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганда);

кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинганидан сўнг ўн беш иш кунидан кеч бўлмаган муддатда контракт тўлови суммаси ўтказилганда.