2018-06-25 14:58:59

ЮРТ ТИНЧЛИГИ, ВАТАН РАВНАҚИ ЙЎЛИДА БАРЧАМИЗ КАМАРБАСТА БЎЛАЙЛИК!

Бизга маълумки, ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай жамиятнинг ривожланишида аввало тинчлик, тотувлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳим аҳамиятга эга.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳар бир вилоятга ёки шаҳарга ташриф буюрганида аввало халқнинг аҳволини ўрганишдан, халқ билан мулоқат қилишдан, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишдан ва халқимизга муносиб шароитлар яратишни бош мақсад қилиб қўяди.

Давлатимиз раҳбаридан ўрнак олган ҳолда ҳар бир жойлардаги раҳбарлар халқимиз билан мулоқат қилишни, уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилашни, ишсиз фуқаролар учун муносиб иш ўринларини яратишни, қолаверса беморлар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган шахслар ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларнингш давлатдан миннатдор бўлишлари учун ҳаракатлар бошлаб юборилганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шу ўринда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ҳамкорлигида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани фуқароларининг яшаш шароитини ўрганиш, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш — умуман ҳар бир хонадоннинг ҳолидан хабар олиб, тегишли ташкилотлар билан биргаликда уларнинг муоммоларига ечим топиш учун барча саъй-ҳаракатлар, имкониятлар ишга солинмоқда.

Хусусан, ишсиз фуқароларнинг иш билан таъминланиши юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий Гвардия, вилоят бандликка кўмаклашиш Бош бошқармаси билан ҳамкорликда туман марказида жойлашган Чироқчи Транспорт касб-ҳунар коллежида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Мазкур ярмаркага ишсиз фуқаролар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари таклиф қилинди.  Меҳнат ярмаркасида  бир қанча ишсиз фуқаролар иш билан таъминланишига эришилди.

Бундан ташқари, мазкур профилактик тадбирлар давомида фуқароларнинг яшаш турмуш тарзини яхшилаш, Чироқчи туманини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга  айлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва ҳукумат қарор ва фармонлари билан таништиришга қаратилган бўлиб, тадбир давомида барча аҳолининг хонадонларига бориб, уларнинг муаммоларини тинглаш ва жойида бартараф этиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга ошўирилмоқда.

Шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида 656 нафар фуқароларга фуқаролик паспортини олишда ёрдам кўрсатилди, 196 нафар фуқароларга яшаш жойига доимий рўйхатга олишда  ҳамда 185 нафар фуқароларнинг тиббий масалаларидаги муаммоларига амалий ёрдам кўрсатилди. Аҳоли орасида жиноятчиликни олдини олиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича 230 маротаба йиғилиш ва учрашувлар ўтказилди.

Бундан ташқари, туман ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида туман солиқ инспекцияси, банклар билан ҳамкорликда тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшларга имтиёзли кредитлар бериб, уларнинг юртимиз фаровонлиги йўлида, ўз келажаклари учун пойдевор яратиб келажакда муносиб, фаровон ҳаёт кечиришлари учун амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шундай экан, ҳар бир фуқаро ўз келажагини Ватан равнақи, эл-юрт фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, ҳеч қандай воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмай давлатимиз, халқимиз тинчлиги, осойишталиги йўлида тинмай меҳнат қилиши кераклиги бугунги замон талаби эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Саҳиддин ИБОЕВ,

Халқ депутатлари

Чироқчи туман Кенгаши

 депутати