2018-06-25 15:14:18

ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДАДА ЎҚУВЧИЛАРИМИЗ БИРИНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАДИ

Самарқандда умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган физика ва астрономия фанлари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада якунланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Ўзбекистонликлардан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистондан ташриф буюрган 58 нафар иқтидорли ёшлар беллашган баҳсларда физика фанидан Наманган давлат университети академик лицейи ўқувчиси Умиджон Ҳафизовга олтин медал насиб этди. Иштирокчи мамлакатларнинг 4 нафар вакили кумуш, 6 нафари бронза медалларини қўлга киритди.

Астрономия фани бўйича эса Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридаги физика-математика фанларига ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Ырыскелди Анарбеков олимпиаданинг олтин медалига лойиқ топилди. Қозоғистонлик Аманқул Жанибек кумуш, Кенес Эржан ва юртдошимиз Дўстмамат Бозорқулов бронза медалига сазовор бўлди.

Шунингдек, олимпиаданинг 18 нафар энг фаол иштирокчилари, 12 нафар гуруҳ раҳбарларига олимпиада сертификатлари топширилди.

Умумий ҳисобда ўзбекистонликлар олимпиаданинг 6 та, қозоғистонликлар 5 та, қирғизистонликлар 3 та ва туркманистонликлар 1 та медалига эга бўлишди.

“Туркистон-пресс”