2018-06-25 16:12:40

ТИНЧЛИК ВА ФАРОВОНЛИК — ҚАДРИЯТЛАР МУҚАДДАСЛИГИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ ОМИЛ

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Бухоро вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!” умумий шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Бухоро вилоят Кенгаши аъзолари ва фаоллари, Бухоро  вилояти Ички ишлар бошқармасининг Терроризм ва эктремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят бўлими вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб “Тинчлик — менинг нигоҳимда” деб номланган ёшларнинг ижодий кўргазмалари ҳамда ёш ва бўлажак олимларнинг инновацион ишланмалари билан танишишди.

Семинарда сўзга чиққанлар томонидан терроризм ва экстремизмнинг оқибатлари, уларнинг олдини олиш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликка чек қўйиш лозимлиги тўғрисида айтиб ўтилди.

Шунингдек, ҳар бир ота-она, маҳалла ва таълим даргоҳлари ходимлари атрофдаги ёшлар фикри ва дунёқараши билан қизиқиши, уларни ватанпарварлик  руҳида тарбиялаши, халқпарвар ва юрт тинчлигини ўйловчи баркамол авлод қилиб вояга етказиши зарурлиги борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир якунида Когон шаҳар 8-умумтаълим мактаби драма тўгараги ўқувчиларининг терроризм ва экстремизмга қарши курашишга бағишланган саҳна кўриниши барчага катта қизиқиш қолдирган ҳолда ёшларни теран ва ақлан соғлом фикрлашга чақирди. Шунингдек, фаол ёшлар ва партиядошлар партиянинг ташаккурномалари билан тақдирланишди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).