2018-06-25 16:31:54

ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ: “МАКТАБДАГИ МУАММОЛАР ЮЗАСИДАН 3 КУНДА 3 МИНГДАН ОРТИҚ ТАКЛИФ КЕЛИБ ТУШДИ”

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб таълими соҳасидаги мавжуд муаммоларнинг ечимлари бўйича таклиф сўраб, Facebook‘даги саҳифасида халққа мурожаат билан чиққани ҳақида “Халқ сўзи” онлайн  хабар берганди.

Кеча, вазир шу кунгача юборилган таклифлар сонига аниқлик киритган.

“Президентимиз томонидан халқ таълими тизими мамлакатимиз келажаги учун энг муҳим соҳалардан эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Бу ҳақиқатда халқимиз учун жуда долзарб соҳа эканлигини биргина мавжуд муаммоларни ечими бўйича одамлардан йиғилган онлайн-форма орқали юборилган таклифлар сонидан ҳам билса бўлар экан: 3 кунда 3 мингдан ортиқ таклиф келиб тушибди, ҳали ҳам давом этяпти.

Энди ушбу таклифларни таҳлил қилиб, уларни тизимли равишда ечимини топиш бўйича ишлашимиз керак. Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тузилмасини қайта тасдиқлаш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз ва имкони борича ушбу лойиҳада ечими тез бўлиши мумкин масалаларни киритишга ҳаракат қиламиз. Янги тузилма тасдиқланиб, Вазирликда самарали ишлайдиган командани шакллантириб олганимиздан кейин эса тизимли равишда муаммолар ечими бўйича ишланади”, деб ёзган Шерзод Шерматов ўзининг Facebook‘даги расмий саҳифасида.