2018-06-25 16:50:30

НАВБАҲОР ТУМАНИДА “ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИ АМАЛДА!

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, аввало, аҳоли турмуш даражасини яхшилашдек эзгу мақсад мужассам. Қишлоқларимизнинг кундан-кунга чирой очиб, кўркам манзилга айланиб бораётгани кўзни қувонтиради. Айниқса, “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳар бир туманнинг чекка ҳудудларида ҳам улкан бунёдкорлик,  ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётгани эътирофга лойиқ. 

Дастур доирасида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам ўнлаб қишлоқларда жадал ишлар амалга оширилиб,пировард  натижада аҳолининг йиллар давомида ечилмай келаётган кўплаб муаммолари ҳал этилмоқда.

Айни пайтда 519 та хонадон, 2 минг 425 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Навбаҳор туманининг “Қушқочди” қишлоғида ҳам мазкур дастур асосида кенг бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Уй-жойлар ва бошқа объектлар қурилиш-таъмирлаш ишларига 74 та вилоят ва туман ташкилотларидан, 1 минг 120 нафар жамоатчи ишчилар жалб этилган.  Ҳозирги кунга қадар қишлоқни ободонлаштириш мақсадида ҳудуддан  2,5 минг тонна  чиқиндилари чиқарилиб, ташландиқ, қаровсиз жойлар ўрнига 150 дона мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, амалга ошириладиган ишлар режасига кўра, қишлоқда  200 метр янги электр линиялари  тортилиши, 4 километр масофада газ тармоқлари таъмирланиши ҳамда  мавжуд ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

  Шу билан Дастур доирасида  ҳудудда  маҳалла гузари биноси, савдо мажмуаси, ҳаммом, автосервис қурилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, мавжуд  мактаб, тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”