2018-06-26 13:45:26

ОБОД ХОНАДОН — ЮРТ КЎРКИ

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг оилаларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида Пастдарғом тумани Қорағуппа қишлоғида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, I гуруҳ ногирони Дилшод Қувоновнинг уйи таъмирлаб берилди.

Қайта таъмирланган уйни топшириш тадбирида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов, туман ҳокими С.Эргашев ва бошқалар юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самара бераётгани ҳақида сўз юритди.

– Турмуш ўртоғим оғир хаста, – дейди хонадон соҳибаси Наргиза Нормаматова. – Беш йилдирки, кунимиз шифохоналарда ўтади. Устига-устак қиш яқинлашаверса, ташвишга тушиб қолардик. Сабаби, уйимиз совуқ, томдан сув ўтарди. Хўжайинимнинг нафақаси ҳамда маҳалладан бериладиган болалар пули ҳеч нарсага етмагач, қийналиб қолдик.

Умидларим бирин-кетин сўна бошлаган пайтларда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси бизга ёрдам бермоқчи эканлигини эшитдим, “Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳаси доирасида уйингизни замонавий қилиб, қайтадан қуриб берамиз”, дейишди. Шу зайл тез кунларда ҳовлимизда катта қурилишлар бошланди.

Тадбир давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан ушбу оиланинг икки нафар фарзандининг хатна тўйи ўтказилди.

Туман ҳокимлиги томонидан моддий ёрдам, замонавий газ плита ва телевизор топширилди.

“Туркистон-пресс”