2018-06-26 13:50:48

ИИВ ВАЗИРИ ПОЙТАХТДА ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ ҲАҚИДА ФИКРЛАРИНИ БИЛДИРДИ

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги санъат саройида Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни аниқлаш, реабилитация қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифалар юзасидан ташкил этилган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Йиғилишда Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов тилга олинган муаммоларни ҳал этиш борасида таклиф ва кўрсатмаларини айтиб, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар олдида турган долзарб вазифаларни санаб ўтди:

“Беш ой мобайнида яшаш жойига эга бўлмаган, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож 5246 нафар шахс реаблитация марказларига жойлаштирилган бўлса, уларнинг қарийб 1700 нафари муқаддам судланган шахслардир. 2180 нафарини соғлом турмуш тарзини бутунлай йўқотган, ичкиликбозликка муккасидан кетганлар ташкил этади. 111 нафари эса – қарилиги ва ногиронлиги боис меҳнатга яроқсиз кишилар. Афсусланарли жиҳати шундаки, улар билан ишлашда, иш, яшаш жойи билан таъминлаш, ижтимоий-қўллаб қувватлашда ишлар номига, кўр-кўрона олиб борилганидир. Буни ўтган вақт мобайнида реабилитация марказларига олиб борилган шахсларнинг фақат 20 нафари даволаш муассасаларига жойлаштирилгани, қолгани ўз ҳолига ташлаб қўйилганида ҳам кўриш мумкин. Бундан кейин бу каби кўзбўямачиликларга барҳам берилади. Реабилитация марказига келган шахснинг соғлиғида муаммо бўлса, даволашга ётқизилади, ишга муҳтож бўлса, бандлиги таъминланади. Вилоятлардан келган яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни эса вилоятларга қайтариб юбориш билан чекланилмайди. Жойлардаги мутасаддилар уларнинг яшаш жойини, бандлигини қаттиқ назоратга олади”, — дея қайд этди П.Бобожонов.

ЎзА олган сурат.