2018-06-26 14:27:02

ЎЗБЕКИСТОНДА АЭС ҚУРИЛИШИ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ УСТИДА ИШ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Ўзбекистон ҳукумати, Россиянинг «Росатом» корпорацияси ва Атом энергетикаси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) атом электростанциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича келишув устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» компаниясининг стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Эсо Саъдуллаев душанба куни электроэнергия соҳасини ислоҳ қилишга бағишланган конференцияда Газета.uzга хабар қилди.

АЭС қуввати 1200 МВтдан бўлган иккита энергоблокка эга бўлиб, умумий қуввати 2400 МВт бўлиши кутилмоқда. Станция қуриладиган жой кейинроқ маълум қилинади. «Ўзбекэнерго» вакили бутун мамлакат бўйлаб 10 га яқин майдон кўриб чиқилаётганини айтди. Бунда иқтисодий ва электр энергиясига эҳтиёж катталиги нуқтаи назаридан манфаатли жой танлаб олинади.

«Ҳозирда АЭС қуриладиган майдон бўйича текширувлар ўтказилмоқда. Биз энерготизимнинг марказий қисми (Тошкент қисми), шарқий қисми (Фарғона водийси), Самарқанд-Бухоро қисми, Сурхондарё қисмида (жанубий ҳудудлар) қуришни кўриб чиқмоқдамиз. Аслини олганда барча ҳудудларда АЭС қурилиши бўйича техник имкониятлар мавжуд, бироқ майдончани, шу жумладан муҳандислик иншоотларини диққат билан ўрганиш, табиий газ, электр тармоқлари, темир йўл ва бошқалар бўлиши лозим», — дея аниқлик киритди Эсо Саъдуллаев.

Лойиҳа қиймати ҳозирча ошкор қилингани йўқ, чунки якуний қарор қабул қилинмади ҳали, бироқ «Ўзбекэнерго» вакилининг қайд этишича, жаҳон тажрибаси иккита «уч плюс» замонавий авлод энергоблокли (Фукусимодаги (Япония) фалокатдан сўнг МАГАТЭнинг хавфсизлик бўйича талаблари ҳисобга олинган — таҳр.) АЭС қурилиши 10 млрд доллар атрофида тушади. Молиялаштириш манбалари Россия томонибилан биргаликда ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш муддатлари ҳам ҳозирча номаълум, бироқ Эсо Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, одатда қурилиш беш йил муддатни ўз ичига олади, шундан сўнг икки йил давомида АЭС «Росатом» ва МАГАТЭ мутахассислари назорати остида ишлайди.

«Биз истиқболда углеводород ёқилғига кучли қарамликдан қочиш, барча аҳоли ва иқтисодиёт соҳаларини арзон электр энергияси билан таъминлаш учун қадамларни ташламоқдамиз, 2030 йилга қадар электр энергиясига бўлган талабнинг бугунги кунга қараганда икки баробар ошиши тахмин қилинмоқда», — деди «Ўзбекэнерго» вакили.

2017 йил декабрида Ўзбекистон ва Россия тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаган эди. АЭС қурилишидан ташқари, миллий инфратузилмаларни яратиш ва атом энергетикаси учун кадрлар тайёрлашни ҳам кўзда тутади.

Фото: “Газета.uz