2018-06-29 13:38:52

ПРЕЗИДЕНТ ЎЙИНЧОҚЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИ БИЛАН ТАНИШДИ

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Олмазор туманида бўлганида Тошкент ўйинчоқлари фабрикаси негизида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқ берган эди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари ушбу фабрикага ташриф буюриб, бажарилган ишларни кўздан кечирди.

Бу ерда “NBU Investment” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташаббускор-инвесторлар билан биргаликда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. “Toys City”, “O`yinchoqlar Fabrikasi”, “Funny Kids World”, “National Products” ва “United Nation company” каби мазкур корхоналарда болалар учун кийим-кечаклар, турли буюмлар ва ўйинчоқлар ишлаб чиқарилади. Уларда жами 920 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Бугунги кунда “Toys City” корхонаси ишга туширилган бўлиб, 70 га яқин маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилган.

Шавкат Мирзиёев мазкур корхонада ўйинчоқлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.