2018-07-06 18:54:53

БЕҲЗОД МУСАЕВ НОИНСОФ ВА ПОРАХЎР СОЛИҚЧИЛАР ҲАҚИДА ФИКР БИЛДИРДИ

Давлат солиқ қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Беҳзод Мусаев ноинсоф ва порахўр солиқчилар ҳақида гапириб, уларни жиноятчи-ўғри деб атади. Бу ҳақда у «Xabar.uz» сайтига берган интервьюсида гапириб ўтди.

— Ҳамма солиқдан қўрқади. Нимага? Чунки у моддий эмас, жиноий жазо бўлади, — деди Б.Мусаев. — Шундай тизимни яратишимиз керакки, эртага солиқ тўловчи билсин, мен мажбуриятимни яширмайман, беркитмайман, десин. Лекин агарда мажбуриятини тўлиқ бажарган одамга бирорта одам яқинлашадиган бўлса, эртага чора-чора-чора. Ундай нарса бўлиши керак эмас.

1250 нафар одамни ишдан бўшатдик. Тузилмасини ҳам ишдан бўшатдик, ўзини ҳам. Бошқа назорат соҳасига уларни олмаймиз, ичида сал тузукроғи бўлса, кўриб чиқамиз. Лекин асосий мақсадимиз: умуман уларни яқинлаштирмаслик. Чунки улар шу тизимнинг ичига кириб, тарбияни олган, шу тизимнинг ичида ўсган. Бошқа гапни тушунмайди. Нима деб гапирганингизда ҳам, нима деб изоҳ берганингизда ҳам, тушунмайди у нарсани. Чунки шундан тарбия олган одам.

Иккинчи томони бор, тадбиркор билан келишиш ҳам нотўғри нарса. Сиз менга таклиф берасиз: менга қара, мен тинч юрай, мен сенга фалонча нарса бериб тураман, 100 долларми, 200 долларми... Энди ҳаммасининг ўз ставкаси бор. Қишлоқда арзонроқ, шаҳарда қимматроқ. Сиз менга жиноий иш таклиф қиляпсиз, менинг ғурурим, Ватан манфаати чўнтагимдан анча паст. Сиз қўрқмай жиноят қиласиз. Чунки биласиз, келишиб олган одамингиз бор, назорат ўзингизники. Қайси милиция ходими билан шундай нарсага келишиш мумкин? Мен сенга бериб тураман-да, мен ўғрилик қилавераман. Бунақа нарса йўқ-ку. Жамиятда борми шунақа ҳукм? Йўқ. Нимага солиқда бўлиши керак? Ўғриликдан нима фарқи бор бу нарсанинг.

Мажбурий тарзда шу нарса йўлга қўйиладики, келишув йўқ бўлиб кетади энди. Илтимос, сиз ҳам тўғри ишланг, менга ҳеч нарса таклиф қилманг. Чунки мен сиз билан келишган тақдирда, биз бошқа жойда келишолмаймиз. Назорат — бировни қийнаш эмас, бировни тўғри ишлашга ўргатиш.

«Xabar.uz»