2018-07-09 16:32:14

ОБОД БЎЛАЁТГАН МАҲАЛЛАЛАР

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида ўз самарасини намоён этмоқда. Ислоҳотлар изчиллиги, аввало, халқимизнинг турмуш фаровонлигига хизмат қилаётганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, аввало, аҳоли турмуш даражасини яхшилашдек эзгу мақсад мужассам. Жумладан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида мамлакатимиз бўйлаб юзлаб ҳудудларда амалга оширилаётган жадал чора-тадбирлар натижасида аҳолининг йиллар давомида ечилмай келинаётган кўплаб муаммолари ҳал этилмоқда. 

 Навоий шаҳридаги “Тинчлик” маҳалласида айни пайтда 239 та хонадон бўлиб, уларда 2 минг 378 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳозир ушбу масканда ҳам “Обод маҳалла”  дастури доирасида бунёдкорлик ишлари айни авжида. Дастур асосида режага кўра, маҳаллага 7 километр ичимлик ва оқова суви янгидан тортилиши, 200 метр   электр линиялари ўтказилиши, 4 км 400 метр ички йўлларда ҳамда 600 метр газ тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудуддаги маҳалла гузари биносини реконструкция қилиш, янги савдо мажмуаси, ҳаммом, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси қурилиши хам  режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллада мактаб, тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 10 миллиард 220 миллион сўм маблағ ажратилган.

Дастур доирасидаги яна бир аҳамиятли тадбирлардан бири — мазкур ҳудуд аҳолиси шу жойнинг ўзида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касалликлари аниқланган фуқоролар  амбулатор, стационар шароитда соғломлаштирилмоқда.

 Шуҳрат  Нормуродов,

“Туркистон-пресс”