2018-07-09 16:34:01

РАВОН ЙЎЛЛАР ОЛИСНИ ЯҚИН ҚИЛМОҚДА

Йўллар азал-азалдан турли манзиллар, олис ҳудудлар, давлатларни, қалбларни туташтириб, одамларнинг оғирини енгил, масофаларни яқин қилиб келган. Йўллар юрт ободлигидан, турмуш фаровонлигидан дарак беради. Шу боис ҳам йўл ва кўприклар қуриш асрлар мобайнида энг эзгу, шарафли ва савоб иш ҳисобланган.

Мамлакатимизда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонидан кейин соҳада сезиларли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

 Мазкур фармонда белгиланганидек, Навоий вилоятида ҳам  Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ташкил этилиб, бугунги кунда бошқарма тизимидаги барча корхоналарнинг моддий-техника базаси шакллантирилди. Соҳага энг замонавий йўлсозлик техника — транспорт воситалари жалб этилиши билан таъмирлаш-қурилиш ишларида уларнинг самараси муваффақиятларнинг асосий омилларидан бири бўлб хизмат қилмоқда.

Айни пайтда вилоят ҳудудидаги мавжуд  302 километр халқаро аҳамиятдаги, 2 минг 479 километр давлат аҳамиятидаги, 1 минг 125 километр маҳаллий аҳамиятга эга, жами 3 минг 906 километр масофадаги  йўлларни доимий соз ҳолатда сақлаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида бошқарма  тизимидаги ташкилотлар  томонидан сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. 

Бунда корхонада янги технология ва замонавий техникалардан фойдаланилаётгани амалга оширилаётган ишларнинг сифати юқори бўлишини таъминламоқда.

 Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳам бошқарма таркибидаги корхоналар томонидан бугун вилоятнинг  чекка ҳудудлардаги қишлоқларга замонавий қиёфа бахш эттириш, обод манзиллар барпо этиш мақсадида давлат дастури доирасида вилоят бўйича   17 та қишлоқлардаги жами  158 км узунликдаги  йўллар  таъмирланиб, равон ва кўркам қиёфа касб этган.

 Шуҳрат Нормуродов,

“Туркистон-пресс”