2018-07-10 15:43:14

“CAFA U-16 CHAMPIONSHIP” МУСОБАҚАСИНИНГ ТАҚДИРЛАШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан “CAFA U-16 championship” мусобақасига бу йил Тошкент шаҳри мезбонлик қилди. Ушбу мусобақада Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистоннинг 16 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоалари иштирок этишди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Мусобақага барча терма жамоалар ўз олдига юқори мақсадларни қўйган ҳолда ташриф буюришганини мураббийлар штаби ўйинлар олдидан мухлисларга эслатиб туришди. Бир биридан муросасиз кечган баҳсларда Усмон Тошев бошчилигидаги Ўзбекистон U-16 терма жамоаси мазмунли ўйин кўрсатиб, барча меҳмон жамоалар устидан йирик ғалабаларга эришди.

Турнирнинг сўнгги ўйинлари ниҳоясига етгач, ёпилиш ҳамда тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди. Тақдирлаш маросимида Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов, ОФК вакили Воҳид Кардани, ПФЛ Бош директори Омон Ғофуров, ЎФА Бош котиби Сардор Раҳматуллаев, ЎФА ва МОФА мутасаддилари ҳамда бошқа мартабали меҳмонлар иштирок этишди.

Умид Аҳмаджонов мусобақа ғолибига ҳамда иштирокчиларга кубок ҳамда медалларни топширар экан, барча жамоаларни чиройли ўйин ҳамда ижобий натижалар билан қутлаб, уларга келгуси мусобақаларда омад тилади.

“Туркистон-пресс”