2018-07-10 16:05:28

МУЗАФФАР СПОРТЧИЛАРИМИЗ ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ

Жорий йилнинг 2-8 июль кунлари Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ёш полвонларимиз муваффақиятли иштирок этишди.

Бугун тонг саҳарда музаффар ёш спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари, мухлислар, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.

Ўзбекистон МОҚ Матбуот хизматидан маълум қилишларича, Загебдаги жаҳон чемпионатида эркин кураш бўйича Жамшид Маъруфов олтин, Шаҳбоз Комилов эса бронза медалини қўлга киритди. Юнон-рум курашчиларимиздан эса Аброр Атабаев ва Лазизхон Ўзбеков олтин, Амир Султонов бронза медалига эга чиқишди.

Қаҳрамон спортчиларимиз Тошкент халқаро аэропортидан ота-оналари ва яқинлари қуршовида усти очиқ сайёҳлик автобусига чиқиб, пойтахтимиз кўчалари бўйлаб ўзига ҳос чемпионлар парадидан ўтишди.

“Туркистон-пресс”