2018-07-10 16:18:32

ҲАКАМЛАР ҚЎМИТАСИ ИККИ РЕФЕРИНИ ЧЕТЛАШТИРИШ БОРАСИДА ҚАРОР ЧИҚАРДИ

Pepsi Суперлиганинг 16-тур ўйинларига тайин қилинган икки нафар ҳакам фаолиятидан четлаштирилди. Бу ҳақда Ҳакамлар қўмитаси хабар берди.

“Сўғдиёна” — “Металлург” ўйинида ишлаган Азиз Асимов ҳамда “Қўқон-1912” — “Локомотив” учрашувини бошқариб борган Ильгиз Танташев Суперлига ҳамда Про-Лига ўйинларига қўйилмайди. Аниқланишича, улар беллашувлар натижасига бевосита таъсир кўрсатувчи бир қанча хатоларга йўл қўйган.

ЎФА расмий сайтининг хабарига кўра, ҳар икки ўйин назоратчилари ҳакамлар ҳаракатини паст баҳолаган ҳамда ўйинлар видеоёзувини кўриб чиқишни сўраб Ҳакамлар қўмитасига мурожаат қилган. Бугун — 10 июль куни қўмитанинг биринчи галдаги иши мазкур икки учрашувни таҳлил қилиш бўлди. Натижада Асимов ҳамда Танташев номаълум муддатга сафдан чиқарилди. Айни вақтда қўмита Pepsi Суперлиганинг қолган учрашувларини ҳам ўрганиб чиқмоқда.

“Туркистон-пресс”