2018-07-11 13:12:56

ЖЧ-2018: ФРАНЦИЯ ФИНАЛГА ЧИҚДИ

10 июль куни футбол бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финал баҳсида Бельгияни мағлуб этган Франция терма жамоаси финалга йўлланма олди.

Россия ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўзининг якуний палласига келиб қолди. Кеча яримфиналнинг илк учрашуви Франция — Бельгия терма жамоалари ўртасида ўтказилди.

Баҳсни бельгияликлар ҳужумлар билан бошлашди. Французлар ҳам вақти-вақти билан жавоб қайтариб туришди. Кетма-кет яратилган хавфли вазиятлардан ҳар икки жамоа ҳам унумли фойдалана олмади.

51-дақиқага келиб Франция терма жамоаси ҳимоячиси Самуэль Умтити бурчакдан оширилган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди— 1:0.

Шу тариқа Франция ЖЧ-2018 финалига йўл олди. Бугун яна бир ярим финал баҳсида Англия-Хорватия терма жамоалари майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан 23.00 да бошланади. Мазкур учрашув ғолиби Франция билан финал баҳсида ўйнайди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”