2018-07-11 13:18:20

ЧИМ УСТИДА ХОККЕЙ: ПОКИСТОН ВАКИЛЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА

10 июль Покистон чим устида хоккей федерацияси вакиллари Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлишди. Ташкилот Бош котиби Абдулатиф Шах, терма жамоа менежери Рамзан Жамали ва бош мураббий Мистер Сабрларни Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов кутиб олди.Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида томонлар спортнинг ушбу тури бўйича ҳамкорлик қилиш, ҳалқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сўз юритишди. МОҚ Бош котиби фурсатдан фойдаланиб покистонлик малакали мураббийларни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Учрашув якунида Жасур Матчанов Миллий олимпия қўмитаси номидан меҳмонларга эсдалик совғасини топширди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда чим устида хоккей бўйича Покистон ёшлар терма жамоаси  Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Чим устида хоккей бўйича қитъамизнинг етакчи терма жамоаларидан бири бўлган покистонликлар юртимизда ўқув-машғулот йиғинлари ва бир неча ўртоқлик учрашувларини ўтказишди. Жумладан, Андижонда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси 9:7 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи баҳсда эса вакилларимиз 8:4 ҳисобида устун келишди. Ўзаро учинчи назорат ўйинида ҳамюртларимиз 5:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Самарқандда ўтказилган ўйинда эса Покистон терма жамоаси 4:2 ҳисобида ғолиб бўлди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”