2018-07-11 15:19:42

ЭРКИНЖОН ТУРДИМОВ ОЛТИНСОЙДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Бугун ҳар соҳада илдам одимлаётган Сурхондарё вилоятида ёшлар сиёсатига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Воҳада бутун мамлакатимиздаги каби ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Куни кеча Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Олтинсой туманига бир кунлик ташрифи туман ёшлари учун айни муддао бўлди. Сабаби — ҳоким бир кунлик иш кунини олтинсойлик ёшлар билан ўтказди. Дастлаб бу ердаги иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш коллежида 200 нафар ёшларни жамлаган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Ёшлар бандлиги, кредит олиш, тадбиркорлик учун ер ажратиш ва шунга ўхшаш 50 га яқин мурожаатларни тинглаган вилоят ҳокими тегишлича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, мурожаатлар ўрганилиб, бартараф этилиши ҳақида батафсил сўзлаб берди.

—Сизлар мамлакатимиз эгаси, келажагисиз, — дея ёшларга мурожаат қилди Э.Турдимов. — Бизнинг зиммамиздаги энг муҳим вазифа ҳам сиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, яқиндан кўмак беришдан иборат. Шу боис, таклифларингизни, муаммоларингизни очиқ-ойдин айтинг. Биргаликда ечимини топамиз.

Куннинг иккинчи ярмида вилоят ҳокими иштирокида “Вахшивор” оромгоҳида иқтидорли, ташаббускор ёшлар билан давра суҳбати ўтказилди. Бу ортиқча расмийликдан ҳоли, табиат қўйнидаги очиқ ва самимий учрашув эди. Э.Турдимов ёшлар билан воҳани ривожлантириш, ёшлар муммоларини ҳал этиш борасида ўзаро фикр алмашди. Эндиликда Олтинсой туманида 2 та кутубхона очиладиган бўлса, туман ёшлари Республикамиздаги энг йирик саноат корхоналарига бизнес саёҳат уюштирадиган бўлди. Шунингдек, давра суҳбатида чорвачилик, паррандачилик соҳаларини ривожлантириш, ёшлар учун имтиёзли кредитлар ажратиш тизими ҳақида ҳам тавсия ва таклифлар берилди.

Оқшом вақти “Вахшивор” оромгоҳида ёшлар учун концерт дастури ташкил этилди. Ҳудуд атрофидаги 3000 га яқин ёшларни бир ерда жамлаган ушбу маданий дастурда истеъдодли хонандалар Гуласал Абдуллаева ва Адҳам Солиев куйлаган қўшиқлар барчага манзур бўлди.

“Туркистон-пресс”