2018-07-12 14:22:12

ЖЧ-2018: ХОРВАТИЯ МУНДИАЛ ФИНАЛИДА ФРАНЦИЯГА ҚАРШИ ЎЙНАЙДИ

Футбол бўйича жаҳон чемпионати яримфиналида Англияни мағлуб этган Хорватия финалда Францияга қарши ўйнайди.

11 июль куни Россияда ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи ярим финал баҳси ҳам бўлиб ўтди. Хорватия терма жамоаси Англия устидан 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабага эришиб, ўз тарихида илк бор финалда ўйнайдиган бўлди.

Ўйиннинг 5-дақиқасида Англия вакили Триппьер жарима зарбасини ажойиб тарзда бажариб, жамоасини олдинга олиб чиқди.

68-дақиқада Перишич (Хорватия)  ўртадаги фарқни тенглаштирди. Асосий вақт дуранг билан якунлангач, туркиялик ҳакам Жунайт Чақир футболчиларни қўшимча бўлимларга таклиф қилди. 109-дақиқада Манжукич жамоасининг иккинчи голини киритди. Ўйиннинг охиригача англияликлар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, ҳисобни тенглаштира олишмади.

Энди 15 июль куни Хорватия терма жамоаси мундиал финалида Францияга қарши ўйнайди.

Хорватия — Англия 2:1 (0:1, 1:0, 0:0)

Голлар: 0:1 — 5 Триппьер, 1:1 — 68 Перишич, 2:1 — 109 Манжукич.