2018-07-12 14:33:52

ЁШ ШАХМАТЧИЛАРИМИЗНИНГ БАТУМИДАГИ МУВАФФАҚИЯТЛАРИ

Грузиянинг Батуми шаҳрида шахмат бўйича нуфузли халқаро турнир якунланди. Ўз тарихида тўртинчи бор ўтказилган Батуми фестивалида 10та давлатдан 37 нафар шахматчи дона сурди. Улар орасида ўзбекистонлик шахматчилар ҳам муваффақиятли тарзда иштирок этишди.

Жумладан, Жаҳонгир Комилов 8 ёшгача шахматчилар мусобақасида 9 имкониятдан 8,5 очко жамғариб, халқаро фестивал ғолибига айланди. Ўн уч ёшли халқаро мастер Жавоҳир Синдаров (2474) эса 10-рақам остида ҳаракат қилганига қарамай, асосий турнирда 6 очко билан кучли учликдан жой олди. 

Синдаров 9та партиядан фақат биттасида грузиялик халқаро гроссмейстер Леван Панцулаве (2575)га 6-турда имкониятни бой бериб қўйди. Жавоҳир 4та учрашувда ғалаба қозонди ва яна шунча партияда дуранг ўйнади.

Синдаров грузиялик гроссмейстерлар —Гига Гупарашзе ва Давит Магхалашвили билан муросага келди. Рейтингда биринчи ўринда турган қозоғистонлик халқаро гроссмейстер Ринат Жумабаевни мағлуб этгани эса ҳақиқий шов-шувга сабабчи бўлди. 

Шахматчиларимиздан Робияхон Сардорова C Open мусобақасида иштирок этди ва 6,5 очко билан умумий қатнашчилар орасида 5, аёл шахматчилар ўртасида эса 1-ўринни эгаллади. 

“Туркистон-пресс”