2018-07-12 15:00:59

ГАНДБОЛЧИЛАРИМИЗ ИТАЛИЯДА ОЛТИН МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Италиянинг Терамо шаҳрида Халқаро гандбол федерацияси тавқимига кирувчи 46-халқаро “Interamnia” жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этган ҳамюртларимиз олтин медалларни қўлга киритишди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Турли ёш тоифалари ўртасида ўтказилган мусобақада жаҳоннинг 34 та мамлакатидан 123 та жамоа иштирок этди. Унда юртимиз шарафини 2000 йилларда туғилган спортчилардан ташкил топган РОЗК (Ўзбекистон U-18 терма жамоаси) жамоаси ҳимоя қилди. Ҳамюртларимиз иштирок этган ёш тоифасида 14 та жамоа қатнашди.

Мураббийлар Улуғбек Икромов ва Зафар Азимов бошчилигидаги ёшларимиз гуруҳ босқичида «Ланестер» (Франция), «Грунвальд» (Польша), «Вирум Соргенфри» (Дания), «Моунтада» (Марокаш), «Козанис» (Греция) каби жамоаларга қарши кураш олиб боришди. Вакилларимиз илк ўйинда Франциянинг «Ланестер» жамоасини 18:8 ҳисобида мағлуб этишди. Иккинчи ўйинда «Грунвальд» устидан 23:16 ҳисобида ғалаба қозонишди. Учинчи баҳсда эса «Козанис» 26:8 ҳисобида таслим этилди. «Моунтада»дан 21:14 ҳисобида устун келишди. Кейинчалик «Вирум Соргенфри»га қарши баҳсда 15:13 ҳисобида ғолиб бўлишди.

Гандболчиларимиз мусобақа ярим финалида «Вирум Соргенфри» клубини 15:8 ҳисобида енгди. Ҳал қилувчи баҳсни ҳамюртларимиз Швейцариянинг «Шеноис Женева» жамоасига қарши ўтказди ва 18:9 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа ҳамюртларимиз мусобақа давомида ўтказилган етти учрашувнинг барчасида зафар қучиб, олтин медалларга сазовор бўлишди.

Сурайё ИМОМОВА,

 “Туркистон-пресс”