2018-07-12 15:12:59

ОЛМАЛИҚ ВА ОҲАНГАРОНДА “АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА”ЛАР АНИҚЛАНДИ

Шу кунларда Республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгашининг ташаббуси билан Олмалиқ шаҳар ва Оҳангарон туманларида ҳам “Адолатли қайнона” кўрик-танлови туман ҳамда шаҳар босқичлари бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик-танловдан кўзланган мақсад — ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда оила ва жамият, маҳалла муносабатлари билан боғлиқ анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашдан иборат.

Таништирув, савол-жавоблар, эркин мавзу каби шартлар асосида бўлиб ўтган мазкур кўрик-танловда Олмалиқ шаҳар ва Оҳангарон туманлари маҳаллаларининг ташаббускор қайноналари оила ва маҳаллалардаги долзарб мавзуларга бағишланган чиқишлари билан иштирокчилар олқишига сазовар бўлишди. Ҳар бир иштирокчиларнинг шартлар бўйича чиқишлари 5 баллик тизим бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.

Қизғин баҳс ва мунозаралар тарзида кечган кўрик-танлов натижаларига кўра  Олмалиқ шаҳар оилавий поликлиникаси бўлим мудираси Зубайда Қодирқулова ва Оҳангарон тумани “Сусам” МФЙ вакили Мавлуда Эргашевалар биринчиликни қўлга киритиб кўрик-танловнинг Тошкент вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”