2018-07-13 15:39:42

ФРАНЦИЯНИНГ МАШҲУР VEOLIA КОМПАНИЯСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Франциянинг машҳур Veolia компанияси вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мулоқот шу йил март ойида ўтказилган музокараларнинг мантиқий давомига айланди. Ўшанда Наманганда коммунал хўжаликни бошқариш тизими ва Тошкентда сув таъминоти тармоқларини модернизация қилиш соҳасида ҳамкорликка оид Меморандум имзоланган эди.

“Бу галги учрашув давомида энергетика хизматларини бошқаришнинг комплекс тизимларини жорий этиш, Наманган шаҳрининг бир қисмида иссиқлик энергияси узлуксиз таъминотига доир пилот лойиҳа, шунингдек, Тошкентда сув таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тақдим этилди. Иштирокчиларга бу борадаги ишлар ривожи режалари ҳақида батафсил маълумот берилди“, — дейилади Молия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидлаш лозимки, Veolia компаниялари гуруҳи ресурсларни бошқаришни оптималлаштириш соҳасида жаҳондаги етакчи бренд бўлиб, 160 йиллик иш тажрибаси эга.