2018-07-13 15:58:25

“YOSHLAR— KELAJAGIMIZ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИГА БАҒИШЛАНГАН РЕСПУБЛИКА СЕМИНАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураситашаббуси билан Ёшлар ижоди саройида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar kelajagimiz» давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда ушбу Фармондан келиб чиқадиган вазифалар муҳокамасига бағишланган республика семинари ташкил этилди.Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосарлари, барча туман (шаҳар) прокурорлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий ва туман (шаҳар) кенгашлари раислари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси —Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуронбаев сўзга чиқди.

Давлат дастури ижроси доирасида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш ҳамда ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга қаратилган зарур чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди.

Семинар давомида «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури ижросини таъминлаш механизмларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Ҳар бир ҳудуддан бир нафардан вакил Фармон талабларини сидқидилдан бажариши ҳақида тантанали қасамёд қабул қилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманларига ташриф буюриб, «Yoshlar —kelajagimiz» Давлат дастури ижроси бўйича қисқа муддатда амалга оширилган ишлар, шу жумладан, «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-маркази, «Yoshlar mehnat guzari» ва турли спорт объектлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Тадбир якунида ҳудудлар вакиллари иштирокида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши пресс-клубининг махсус сессияси ташкил этилди.

 

“Туркистон-пресс”