2018-07-16 12:45:10

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ЖАҲОН БАНКИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Жорий йилда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт раҳбарияти билан ўтказилган қатор самарали учрашувлар, жумладан май ойида банк президенти Жим Ён Ким билан Вашингтонда ҳамда январь ойида бош ижрочи директор Кристалина Георгиева билан Тошкентда ўтган учрашувлар алоқаларни фаоллаштириш ва ўзаро муносабатларнинг янги йўналишларини белгилаш, шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга хизмат қилди. 

Бугунги кунда мамлакатимизнинг Жаҳон банки билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик портфели умумий қиймати 4,4 миллиард долларлик имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилган 39 та лойиҳани ўз ичига олади.

Улар энергетика, транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, илғор ва энергетик жиҳатдан самарали технологияларни жалб этиш, агросаноат комплексини жадал ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш каби устувор соҳаларни қамраб олган.

Ҳозирги вақтда 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури доирасида 20 дан зиёд янги лойиҳа кўриб чиқилмоқда.

Банкнинг етакчи экспертлари Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этди. Қўшма иқтисодий кенгашни шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, "Йўл харитаси"ни тайёрлаш асосида сармоявий лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, миллий кадрларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, фуқаролик авиацияси ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларида, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида муҳим қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. 

Сирил Мюллер давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Кимнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Банк республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз ва бутун минтақанинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр экани яна бир бор қайд этилди.