2018-07-17 16:06:17

СИРОЖИДДИН ЗАЙНИДДИНОВ БУЮК БРИТАНИЯ ОЧИҚ ЧЕМПИОНАТИДА ҒОЛИБ БЎЛДИ

2018 йил 6-16 июль кунлари Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида заиф эшитувчилар ўртасида шахмат Олимпиадаси бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақа доирасида очиқ чемпионат ҳам ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик шахматчи, 2004 (Маленте, Германия) ва 2008 йилги (Сант-Галлен, Швейцария) заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпиони, 2015 йилги Осиё чемпиони (Улан-Батор, Мўғулистон) Сирожиддин Зайниддинов ҳам иштирок этди.

Очиқ чемпионат якунларига кўра 8 очко жамғарган Сирожиддин биринчи ўринни қўлга киритди ва мусобақа ғолибига айланди. Маълумот учун, чемпионатда 30 нафар шахматчи ўз омадини синаб кўрди.

Эслатиб ўтамиз, Сирожиддин аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан икки хонали уй билан тақдирланганди.

Бугун эрта тонгда ғолиб спортчимиз Франкфурт орқали пойтахтимизга етиб келди. Уни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари, шахматчимизнинг яқинлари, бир қатор кўнгиллилар ва ОАВ ходимлари тантанали тарзда кутиб олишди.

 “Туркистон-пресс”