2018-07-17 16:12:02

ТРАМП: ВАШИНГТОН МОСКВА БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШНИ ИСТАЙДИ

Кеча Хельсинкида АҚШ ва Россия Федерацияси Президентлари ўртасида илк бор тўлиқ форматли учрашув бўлиб ўтди. Давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти 4 соат давом этган. Трамп учрашув якунларини ижобий баҳолади.

Ўз навбатида, Путин ҳам саммитдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Хельсинки учрашувида томонлар икки томонлама муносабатлар ва кун тартибидаги халқаро муаммоларни деярли кўриб чиқишгани, ҳатто айрим масалалар бўйича келишувга эришганини маълум қилди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Хельсинкидаги саммит якунлари бўйича “Fox News“ телеканалига интервью берди.

Оқ уй раҳбарининг қайд этишича, Россия Президенти билан учрашувда ядро қурол, уруш ва тинчлик, иқтисодиёт масалалари, Суриядаги вазият, Исроил, Украина билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинган ва улар бўйича муҳим хулосаларга келинган.

Аввалроқ, Америка етакчиси Путин билан учрашувни “яхши муқаддима” деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, “Вашингтон Москва билан ҳамкорлик қилишни истайди”.