2018-07-17 16:14:47

ВАТАНГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ — ОЛИЙ САОДАТ!

Маълумки, яқинда мамлакатимизнинг бир гуруҳ ёшлари меҳнатда ва спортда эришган муваффақиятлари эвазига “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Мухбиримиз шундай эътирофга сазовор бўлган самарқандлик ёшлар билан мулоқотда бўлди.

Камолжон АЛИКОВ, Самарқанд шаҳридаги “Registon KAMOLJON ” хусусий корхонаси раҳбари:

— “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлиш мени ниҳоятда хурсанд қилди. Шу билан биргаликда зиммамга  юксак масъулият юклади. Энди ана шу эътирофга лойиқ бўлиш учун бор имкониятим даражасида Ватанимга хизмат қилишга ҳаракат қиламан.

Ота-онам вафот этганида анча ёш эдим.  Тақдир тақозаси туфайли ҳали ўқувчи пайтимдаёқ катталар билан бир сафда ишлашга мажбур бўлдим. Мактабни тамомлаб, коллежда ўқидим, аммо у ерда ҳам тўлақонли таълим олишга имконим бўлмади, ишлашга мажбур эдим.

 Шу тариқа йиллар ўтди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил топгани ва ёш тадбиркорларга ёрдам берилаётганини эшитгач, қалбимда бир умид пайдо бўлди. Мен айнан Ёшлар иттифоқига ёрдам сўраб мурожаат қилдим.  Тадбиркорлигимни йўлга қўйишим учун Иттифоқ ҳисобидан маблағ ажратилди. Ширинликлар ишлаб чиқарувчи “Registon KAMOLJON ” цехини очдим. Керакли асбоб-ускуна, жиҳозлар олдим, 7 нафар ходимга иш бердим. Мана, бугун бир кичик корхонанинг раҳбариман.

Тўғри, тадбиркор сифатида оёққа туришим осон кечаётгани йўқ. Аслида ҳамма тадбиркорлар ҳам бошидан ўтказиши муқаррар бўлган жараёнлар мени ҳам четлаб ўтмаяпти.Иш бошлаган пайтларим кўп қийналдим, кўп қоқилдим. Маҳсулот ишлаб чиқараман, аммо уни тарқатадиган автоуловим йўқ эди.

Бугун эса ҳаммаси аста-секин изга тушиб бормоқда. Олий таълим муассасида ўқишни жуда орзу қилдим, бироқ шароит тақозоси билан фақат меҳнат қилишга мажбур эдим. Мана оёққа турдим, тадбиркор учун олий маълумотли бўлишнинг аҳамияти катта эканини тушундим. Ишонаманки, бу орзуим рўёбига ҳам оз қолди.

Ҳозир Самарқандда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга беғараз ёрдам қўлини чўзувчи тадбиркорлар клубини очяпман. Клубнинг хайрия фонди ҳисобидан ишсиз ёшларни малакали мутахассисга, уста-ҳунармандларга бириктириб, касб-корли қилиш ва ҳаётда ўз йўлини топишида кўмаклашмоқчиман. Бир инсонга берган ёрдамимиз натижасида у оддийгина нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйса ҳам бир нечта оила тўкинлигига, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшади.

Илҳом БАҲРОМОВ, Республика Олимпия заҳиралари коллежининг 3-босқич талабаси:

—Мен Оқдарё туманида туғилганман. Тумандаги 20-умумтаълим мактабида ўқидим. Биринчи ўқитувчим Дилдора Раҳимова устозлигида ҳаётнинг бутун гўзалликларини англадим. Устоз меҳри туфайли спортга бўлган муносабатим ҳам мактаб ўқувчилигим даврида шаклланди.

Бугун “Мард ўғлон” давлат мукофотига лойиқ кўрилганимни эшитиб, биринчи галда ота-онам ва устозларимни ўйладим. Шу пайтгача спортда эришган ютуқларимда уларнинг ўрни беқиёс эканлигини чин кўнгилдан англадим.

Мана, саккиз йилдирки, спортнинг юнон-рум кураши бўйича шуғулланаман. Бир неча мусобақаларда ғолиб чиқиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтардим. Жумладан, уч бор Осиё чемпиони бўлдим. Икки бор жаҳон биринчилиги совриндорига айландим. Франция, Чехия, Таиланд, Хитой, Филиппин, Жанубий Корея, Грузия, Қозоғистон каби бир қатор мамлакатларда ўтказилган спорт мусобақаларида қатнашдим.

Айни пайтда спортдаги танлаган соҳам бўйича жаҳон миқёсидаги нуфузли спорт беллашувларида республикамиз шарафини ҳимоя қиляпман. Халқаро тоифадаги спорт устасиман. Мақсадим — ўз устимда тинимсиз ишлаш билан спортдаги ютуқларимни ошириб, Ватанимга хизмат қилишдир!

Актамжон БЕРДОНОВ.

“Туркистон-пресс”

Муаллиф олган сурат.