2018-07-17 16:18:06

КАТТАҚЎРҒОНДА КАТТАМИНГ ОБОД ҚИШЛОҚҚА АЙЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги Фармони  ва “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги қарори асосида Каттақўрғон туманидаги   Каттаминг маҳалла фуқаролар йиғинининг Каттаминг ва Қоракўлча маҳалла фуқаролар йиғинининг Қоракўлча қишлоқлари “Обод қишлоқ” дастурига киритилди.

Қишлоқлардаги мавжуд ижтимоий соҳа объектларининг реконструкция қилиниши, таъмирланиши биринчи галги вазифа қилиб қўйилди. Тиббиёт муассасалари замонавий лаборатория ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши чоралари кўрилди. Қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Икки қишлоқда9 та аҳолига сервис хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиладиган бўлди.

Дастур доирасида ушбу ҳудудларда амалга оширилиши назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан Каттаминг қишлоғига 7424,83 миллион сўм, Қоракўлча қишлоғига 9136 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Каттаминг қишлоғида 475 хонадонда 2715 нафар, Қоракўлча қишлоғида эса 521 хонадонда 3762 нафар аҳоли истиқомат қилади.  Қабул қилинган дастурга кўра Каттаминг қишлоғида 215 та ва Қоракўлча қишлоғида 278 та уй-жойларнинг таъмирланиши белгилаб қўйилган эди. Таъмирлаш жараёнида  уларнинг ташқи кўринишининг замонавийлигига, ён-атрофларини ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор бериладиган бўлди. 14 километрлик асосий ва ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, янги йўлаклар қуриш, йўлларни ёритиш учун  чироқлар ўрнатиш, электр ва газ таъминотини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби юмушларни  қисқа муддатларда сифатли амалга ошириш режалаштирилди.

 Мавжуд муаммоларни аниқлаш асосида ҳар икки қишлоқда ишга жиддий киришилди. Айни пайтда Каттаминг қишлоғида биттадан боғча, мактаб, оилавий поликлиника бинолари капитал таъмирланмоқда. Қоракўлчада  эса бир боғча давлат дастури асосида, яна икки боғча хусусий шерикчиликда янгидан қурилиши режалаштирилган эди. Айни пайтда  шерикчиликда қуриладиган боғчаларда пойдевор қўйиш ишлари бошланган.

—Каттаминг ва Қоракўлча қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастури бўйича режалаштирилган ишлар жадал давом этмоқда, — дейди туман тиббиёт бўлими бошлиғи Олимжон Хўжамбердиев. — Жумладан, Каттаминг қишлоғидаги мавжуд оилавий поликлиникани капитал таъмирлашга киришилди. Қисқа вақтда таъмирлаш ишлари ниҳоясига етиб, қишлоқда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тубдан яхшиланади. Янги оилавий поликлиникани замонавий тиббий анжомлар билан таъминлаш ва бошқа инвентарлар билан жиҳозлаш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди. Қоракўлча қишлоғида ҳам айнан шундай ишлар давом эттирилмоқда.

—Мамлакатимиз Президентининг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармони қабул қилингач, юртимизда ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилди, — дейди туман мактабгача таълим бўлимининг раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Фарида Ҳамдамова. —Ҳозирги кунда туманимизда 44 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Вилоят ҳокимининг қарорига асосан жорий йилнинг ўзида тумандаги 11 та филиалга  юридик мақом берилди. Ўтган йили МТМлардаги болалар 4274 нафарни ташкил этар эди. Ҳозирда 201 та асосий, 28 та қисқа муддатли гуруҳларда 5170 нафар кичкинтой тарбияланмоқда.

                        Туманимизда бир йўла икки қишлоқнинг “Обод қишлоқ” дастурига киритилиши ана шу қишлоқларда ҳам мактабгача таълим соҳасида ижобий ўзгариш сари йўл очди. Бу қишлоқлардаги жажжи болакайлар ҳам энди мустақил юртимизнинг гўзал ва шинам боғчаларида улғаядиган бўлишди. Каттаминг қишлоғидаги 100 ўринли 4-мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бунинг учун 1 миллиард 700 миллион сўм бюджет маблағлари ажратилди. Қоракўлча қишлоғида 1 та боғча давлат дастури асосида, 2 та боғча хусусий шерикчиликда янгидан қурилишининг режалаштирилгани қувончли ҳол.          

            —Бугун бутун маҳалла катта қурилиш майдонига айланган, дейиш мумкин, — дейди  Каттаминг маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Шарипов. —Қишлоғимизда пойабзал устахонаси, интернет кафе ва пайнет биноси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, ошхона биноси, эркаклар учун сартарошхона, мини маркет, хўжалик моллари дўкони,  дорихона, ветеринар-аптека ва хаммом бинолари қурилиши режалаштирилгани аҳоли турмуш тарзининг янада яхшиланишига берилаётган эътибор натижаси, албатта.  Бунинг натижасида 31 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланади. Қисқа вақтда маҳалла ҳудудида 12 та иссиқхона барпо этилди.

            Бугунги қишлоғимиз кечагисига ўхшамайди. Эрта-индин эса у янаям жамол очади. Чунки, жонажон гўшамизда бошланган бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Ҳали режалаштирилган ишларнинг ярми ҳам бажарилган эмас. Лекин шугина ишларнинг ўзиёқ қишлоғимизга файз киритди. Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини эса “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган барча вазифаларни амалга ошириш билан кутиб олмоқчимиз. Халқимизнинг хоҳиши шундай. Демак, олдимизга қўйилган мақсадларнинг тўлиқ амалга ошишига жуда оз фурсат қолди.

Аҳолининг уюшқоқлиги, аҳиллиги натижасида қишлоқлар қиёфаси  замонавийлашмоқда, уларда янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг кам таъминланган қатламини, ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

 

            Актамжон Бердонов,

“Туркистон-пресс”