2018-07-17 17:10:06

КАТТАҚЎРҒОНДА ЭКСПОРТГА ИНТИЛАЁТГАН КОРХОНА

Мамлакатимизнинг барча  ҳудудларидаги сингари Каттақўрғон туманида ҳам Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи янги босқичга чиқмоқда.

Ишлаб чиқариш соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган оқилона сиёсат туфайли  тумандаги “Имконият манбаи” масъулияти чекланган жамияти фаолияти янада ривож топмоқда. Бугунги кунда ушбу корхонада сифатли болалар кийим-кечаклари тайёрланмоқда.

— Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътибор, ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун берилган имтиёзлар сабаб корхона фаолиятини янада кенгайтиришга эришдик, — дейди  масъулияти чекланган жамияти раҳбари Отабек Раҳмонов. — Тижорат банкининг имтиёзли кредит маблағлари эвазига корхонамизни хорижда ишлаб чиқарилган янги тикув машиналари билан жиҳозладик. Айни пайтда корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ортиб, тайёрланаётган маҳсулот сифати яхшиланди. Ҳозирда корхонамизда30нафар хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда.  Яна 50 та янги иш ўрни яратилишига мўлжалланган тикувчилик цехи қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.

    Ҳа, тез фурсатларда бу ерга ҳам замонавий тикув  машиналари олиб келиб ўрнатилади ва корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати икки бараварга ортади. Ҳозирда корхона ўз маҳсулотларини экспорт қилиш устида иш олиб бормоқда.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”