2018-07-17 17:16:13

ХУСУСИЙ ТАДБИРКОР ГУЛОБОДДА 100 ЎРИНЛИ МТМ ҚУРМОҚДА

Маълумки, мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини  давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини  яратиш ҳамда унинг моддий-техика базасини  мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимизда кейинги йилларда бир неча қарорлар қабул қилинди. Бугун жойларда айнан шундай муҳим ҳужжатларнинг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд тумани мактабгача таълим бўлимидан берилган маълумотларнинг далолат беришича, бугун туманда 34 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 3805 нафар тарбияланувчиларни жалб этиш имконияти мавжуд.  Амалда эса мазкур МТМларда 171 та гуруҳларда 4275 нафар болажонлар тарбияланаяпти.  208 нафар педагог ва тарбиячилар улар хизматида.

—Бўлим тасарруфидаги 8 та мактабгача таълим муассасалари мослаштирилган, 27 таси замонавий биноларда жойлашган, — дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари Ориф Маърупов. — Реконструкцияга, мукаммал таъмирга муҳтож биноларимиз ҳам мавжуд.  Айни пайтда уларни бугунги давр талабларига мослаштириш, янги замонавий муассасалар барпо этиш чоралари кўрилаяпти. 26 та таълим муассасаларнинг бинолари кўмир билан истилади. Мактабгача таълим муассасаларига 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсуми учун жами 289 тонна кўмир ёқилғисига бўлган эҳтиёж бўйича таклифлар берилган. Барча мактабгача таълим муассасалари ичимлик суви билан таъминланган.

2018 йил инвестиция дастури асосида 2 та янги мактабгача таълим муассасасини қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда бу борадаги бунёдкорлик ишлари  бошлаб юборилган. Тумандаги 23-сонли мактабгача таълим муассасада туман ҳокимининг ташаббуси билан ҳомийлар ёрдамида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари мустақиллик куни арафасида тугатилиб, бу МТМ биноси фойдаланишга топширилади.

Туман ҳудудида давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда. Ҳозиргача 7 нафар ташаббускор нодавлат ва хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини қуриш истагини билдиришган.

Масалан, тумандаги Қумзор маҳалласи фуқароси “Қўрғони калон” хусусий ишлаб чиқариш тижорат фирмаси директори Маматқул Шарипов Гулобод маҳалласида ўз хусусий ер майдонида 100 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасини барпо этишга киришган. 2018 йилнинг декабрь ойида  бу иншоотнинг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Талибарзу   маҳалласидаги “Шерхон нур саодат” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Соҳиба МуҳиддиноваТалибарзу маҳалласида 100 ўринли нодавлат МТМ қуриш ташаббуси билан чиқди.  Айни пайтда қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Бўлим мутахассислари билан биргаликда бир неча мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан танишдик. Барчасида болажонлар меҳр оғушида. Кичкинтойларнинг турли тўгарак машғулотлари билан машғул эканлиги муассасалар тарбиячиларининг ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошаётганидан далолат беради.

—Ҳар йили 1 июнь дунё миқёсида болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади, — дейди МТМ мудираси  Гулруҳсора Усмонова. —Тарбияланувчиларимиз бу куннинг аҳамиятли жиҳатини англаб улгуришган.Ушбу санада болалар учун тадбирлар ташкил этиб, байрам томошалари уюштирамиз.  Бу йил эса барча мактабгача таълим  муассасаларидаги каби боғчамизда ҳам   “Болаларга беринг дунёни” шиори остида байрам тадбирлари ташкил этилди. “Мен бахтли оила фарзандиман”, “Мен оиламни яхши кўраман” мавзуларида расмлар танлови ўтказилди.

Тумандаги 24-сонли мактабгача таълим муассасасида 2018 йил 17 март куни  Жанубий Кореянинг ДОНГГУК  университети  болалар ва оилалар бўйича доктори Ким Хе Сун,  мактабгача таълим бериш кафедраси қошидаги боғча етакчиси Оҳ Ан Налар билан “Замонавий  таълим  ва бошқарув” мавзусидаги семинари бўлиб ўтди.

Актамжон  БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”