2018-07-17 17:22:46

КАТТАҚЎРҒОНДАГИ КОРХОНА 1 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ИПАК ТОЛАНИ ЭКСПОРТ ҚИЛМОҚЧИ

Ипак қурти парвариши ниҳоясига етиб, пиллачилар етиштирган ҳосилини йиғиштириб ола бошлаган кезлари Каттақўрғон туманидаги “Кумуш тола” хусусий корхонасида бўлдик. Корхонага тадбиркор аёл, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Марям Ниёзова раҳбарлик қилмоқда.

— Туманимизда 2018 йил ҳосили учун 312 тонна, шу жумладан, баҳорги мавсумда 274 тонна  пилла хом ашёси етиштириш режалаштирилган эди, — деди у.  — Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш эвазига бугун давлатга пилла топшириш буюртмасини уддаладик. Ҳар қути қурт уруғидан олинган ҳосил 62 килограммданга тўғри келди.

—Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби ипакчиликда ҳам иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларнинг турларини кўпайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дея соҳадаги ишлар ҳақида гапира бошлади М.Ниёзова. —Жорий йилда туманимиздаги 542 та  фермер хўжалигида пиллачилик билан шуғулланилди. 3 минг 80 та оилавий звенода 5 200 қути ипак қурти парваришланди. Пиллачиларга мавсум бошланишидан аввал ҳар қути ипак қурти учун 200 минг сўмдан аванс пуллари бердик.  Пиллачилар топширган пилласининг ҳар килограмми учун 20 минг сўмдан иш ҳақи олишди. Бу бир ой атрофида бир пиллачи ўрта ҳисобда 1 миллион 240 минг сўмдан даромад олди дегани. Режадан ортиқ пилла топширувчилар даромади эса янада ошди. Етиштирилган хомашёни қайта ишлаш ҳисобига бу йил корхонамизда  1 миллион АҚШ доллари қийматидаги ипак тола ишлаб чиқарилади ва тўлиқ экспорт қилинади.

Қувонарлиси,  корхонамизнинг модернизация дастурига тушиб, мавжуд ишлаб чиқариш қувватимизни 2 бараварга ошириш имкониятига эга бўлганимиз. Ушбу дастур доирасида, 2017 йилнинг декабрь ойида Хитой давлатидан 124 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, ипак йигириш линияси ўрнатилди. Аввал корхонамизда 60 нафар ишчи ишлаган бўлса, ҳозирги кунда улар сони 100 нафардан ошди. Яна бир эътиборли жиҳат: биз мавсумий ишчиларни жалб этмаймиз. Барча ишчиларимиз доимий, йил мобайнида ишлашади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси иш бошлади. Қарорда таъкидланганидек, республикада пиллачиликнинг озуқа базасини жадал ривожлантириш, ипак қуртини парвариш қилиш ва пилла етиштириш жараёнларини узлуксиз такомиллаштириш, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишни таъминлайдиган ягона ва яхлит ташкилий-технологик тизимни барпо этиш асосида пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш мақсад қилинган.

Бу муҳим ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан соҳани ривожлантириш, унинг озуқа базасини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Пилла боқувчиларнинг мавсумий фаолияти бир йил иш стажига ўтиши, уларнинг даромад солиғидан озод қилинаётганлиги, айниқса, нафақа ёшига яқинлашаётган, банд бўлмаган опа-сингилларимиз учун айни муддаодир.

Хуллас, пиллачиликнинг истиқболи порлоқ. Бу муҳим соҳанинг ривожи учун мамлакатимизда катта ишлар қилиняпти, кенг имкониятлар яратилаяпти. Ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиш эса катта мақсадга эришиш сари йўл очади.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”