2018-07-17 17:38:52

ПОЙТАХТДА МАҲОБАТЛИ БАЙРОҚ ЎРНАТИЛДИ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” фаолларининг таклифи инобатга олиниб, қисқа фурсатда маҳобатли байроқ ўрнатилди. Бу ҳақда ЎзМТДП расмий сайти хабар берди.

Жорий йилнинг 21 июнида партия “Ёшлар қаноти” мамлакатимизнинг кўп сонли ёшлари хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтимиз марказида ёшларни ватанпарварликка ундовчи, халқимизнинг ғурурини акс эттирувчи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларимизни бирлаштирувчи, пойтахтимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва сайёҳларга миллатимизнинг шарафини намоён этувчи иншоот сифатида Давлат байроғи майдонини яратиш таклифини билдирган эди.

“Ёшлар қаноти” фаолларининг мазкур таклифи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан инобатга олиниб, қисқа фурсатда ана шундай маҳобатли байроқ ўрнатилди.

Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун севимли майдонга айланган “Халқлар дўстлиги” саройи ҳудудида ўрнатилган ушбу маҳобатли Давлат байроғнинг баландлиги 65 метр, ҳажми 20 метрга 10 метр. Айни пайтда ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, шу йилнинг 22 июлида майдон фойдаланишга топширилади.

Мамлакат ғурури ва ифтихори — Давлат байроғи ўрнатилган ушбу майдонга ташриф буюрган ҳар бир ватандошимизга ўзгача кайфият бағишлашига шубҳа йўқ. Қолаверса, ёшларнинг ватанпарвар, юртга садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етишларига ушбу салобатли байроқнинг ҳиссаси катта бўлади, албатта. Зеро, ҳар бир фуқаро онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсолларидан бири бўлган байроқни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.