2018-07-19 13:05:08

КУРАШЧИЛАРИМИЗ ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИДА ТЎРТТА МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бошланди. Унда ўзбекистонлик ёш полвонлар ҳам иштирок этишмоқда. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Кеча мусобақада юнон-рум кураши бўйича баҳслар бўлиб ўтди. Қувонарлиси, унда тўрт нафар спортчимиз совринли ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Жумладан, -97кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Темурмирзо Мамажонов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳибига айланди.

-63кг вазн тоифасидаги полвонимиз Камол Қўзиев эса финалгача етиб бориб, кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, Маҳмуд Баҳшиллоев (-67кг) ва Тўрабек Тиркашев (-60кг) бронза медалига сазовор бўлди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”