2018-07-19 13:23:42

“ТЕМУР ФАЙЗ” — БОЛАЛАРНИНГ ФАЙЗЛИ МАСКАНИ

Самарқанд шаҳридаги “Темур файз” нодавлат мактабгача таълим муассасаси  ҳовлисига қадам ташлагандаёқ кишининг кўнгли яйрайди. Озодалик, ободонлик, болажонларга яратилган қулайликларга ҳавас қилса арзийди. Ҳар томонлама гўзал ва файзли уч қаватли бинонинг ўзиёқ мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасида хусусий мулкчиликнинг ўрни муносиб эканлигидан далолат беради.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 30 сентябрдаги фармони ҳамда 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон  Республикаси  Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни самарали бажарилишини таъминлашга эришиш бугунги кундаги энг асосий вазифамиздир, — дейди МТМ мудираси Дилфуза Равшанова. —Шаҳар МТМларида ташкил этилаётган турли тадбирлардаги иштирокимиз ана шу вазифанинг амалда бажарилишига яқиндан кўмак бермоқда.  Ходимлар билан соҳамиздаги муҳим масалалар, бола тарбияси борасидаги янги услублар ҳақида доимий суҳбатлашиб турамиз.

Мудира МТМда амалга оширилаётган  ишлар ҳақида ҳикоя қилади. У биз билан суҳбатлашаяпти-ю бир зум кўзларини яйраб ўйнаётган болажонлардан узмайди.

—Ҳар йили 1 июнь —Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муассасамизда кенг нишонланади, — дейди тарбиячи Светлана Кузьмина. —Бу кунда болалар учун кўплаб тадбирлар, байрам томошалари уюштирамиз. Масалан, жорий йилда “Мен бахтли оила фарзандиман”, “Мен оиламни яхши кўраман” мавзуларида расмлар танлови ўтказдик. Танловда барча болажонлар қатнашиш истагини билдиришди. Нафақат байрамларда, балки, йилнинг исталган санасида муассасамизда бундай тадбирлар ташкил этилади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаси  2009 йилдан фаолият кўрсата бошлади. Ҳозир бу ерда 160 нафар кичкинтой тарбияланаяпти. Машғулотлар ўзбек ва рус тилларида олиб борилмоқда. Рақс, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, шахмат-шашка, инглиз тилини ўрганиш бўйича ташкил этилган бир қатор тўгараклар ишлаб турибди. Уларда иштирок этиш кичкинтойларнинг жону дили.

МТМда ўз ишининг моҳирлари, тажрибали тарбиячилар, энагалар меҳнат қилишади.  Педагог Мунаввар Қобилова, ҳамшира Рузанна Сагаманова  ишда ҳамиша бошқаларга ибрат. Нодира Равшанова, Светлана Кузьмина, Наталья Кудрявцева, Юля Шапаволова, Светлана Умарова, Нафиса Мухторова, Зулайҳо Сатторова, Нина Гаркушева  каби тарбиячиларнинг болажонлигидан ота-оналар хурсанд.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”