2018-07-19 13:27:08

ХАЛҚ МАНФААТИ ЙЎЛИДА

Жомбой туманида  аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада секторлар фаолияти эътиборга лойиқ.

Масалан, тумандаги биринчи сектор ҳудудида 6954 хонадон мавжуд. Сектор ишчи гуруҳи томонидан бу хонадонларда яшаётган аҳоли турмуш тарзи доимий ўрганилиб борилмоқда. Туман ҳокими, биринчи сектор раҳбари Умид Назаров  мавжуд муаммоларни аниқлаш учун  мунтазам тарзда халқ билан учрашувлар ўтказмоқда. Уларга ечим топишда эса депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари фикрлари, ташаббусларидан фойдаланмоқда.

Тумандаги енгил саноат касб-ҳунар коллежида ташкил этилган йиғилиш ҳам шундай руҳда ўтди.

—Сектор ҳудудидаги маҳаллалар аҳолиси билан учрашувлар, бевосита хонадонларда бўлиб, аҳоли турмуш тарзини ўрганишлар натижасида 186 та ечимини кутаётган муаммо мавжудлигини кўрсатди. Улар “Йўл харитаси”га киритилди. Ҳозиргача ишчи гуруҳи томонидан назоратга олинган 159 та муаммо туман миқёсида ҳал этилди. Вилоят миқёсида 18 та, республика даражасида 5 та муаммо аниқланиб, улар ҳам ҳал этилди.

Ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзини ошириш, 2017-2018 йиллар қиш мавсумини беталафот ўтказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам ибратли. Масалан, хонадонларни кўмир билан таъминлаш, узоқ қишлоқларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилади. Яқинда Саричашма, Нуш, Журият, Наймантепа маҳаллаларидага бу борадаги эҳтиёж тўлиқ ўрганилди. Айни пайтда аниқланган муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз ва ногиронлиги бор фуқароларга кўмаклашиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Масалан, сектор ҳудудида икки нафар эҳтиёжманд фуқаро уй-жой билан таъминланди. Биринчи гуруҳ ногиронларига аравача, қўлтиқтаёқ ва эшитиш мосламалари олиб берилди. 20-умумтаълим мактаби ўқувчиси, болаликдан ногирон Ф. Эргашевага ҳомийлик ёрдами асосида ноутбук совға қилинди. Шунингдек, унга вилоят ногиронларни реаблитация қилиш марказида даволаниши учун бепул йўлланма берилди.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг хонадонма-хонадон юриб, ҳақиқий аҳволни ўрганиши мавжуд муаммоларнинг аниқланишида катта аҳамият касб этмоқда. Айнан ишчи гуруҳи ҳаракати туфайли Тўққизбой маҳалла фуқаролар йиғинидаги бир қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, фуқаро С.Мустафоева фарзандини даволатиш учун ёрдам сўради. Унинг муаммоси ўрганилганда, фарзандини хорижда жарроҳлик йўли билан даволаш мумкинлиги маълум бўлди.  Айни пайтда бу фуқаро мурожаати бўйича амалий ишларга киришилган.

Аҳмаджон Қурбонов маҳалласида истиқомат қилиб келаётган З.Аминжонова арзонлаштирилган  уй-жой олиш учун  ёрдам сўради.Унинг яшаш шароити ўрганилиб, арзонлаштирилган уй-жой олиш учун тавсия берилди.

Яна шароити оғир ўн нафар фуқаронинг уй-жойи  касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан таъмирлаб берилди.  Йил охирига қадар яна 25 та оилага шундай ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.

Хуллас, аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотлар, хонадонма-хонадон юриб ўтказилаётган мулоқотлар, фаоллар фикрлари асосида жойлардаги муаммолар ўрганилмоқда ва уларнинг ечими изланмоқда.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”