2018-07-19 13:36:11

“ЯГОНАСАН, МУҚАДДАС ВАТАН!” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Самарқанд шаҳрида “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Тадбирда сўзга чиққанлар анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, юксак бадиий қўшиқлар яратилишини рағбатлантириш, янги истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.

Танловнинг қуйи босқичида профессионал, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, ансамбллар ва якка ижрочилар, санъат мактаблари, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари жамоаларидан 317 нафар ижрочи қатнашди. Уларнинг 52 нафари ғолиб бўлиб, танловнинг Самарқанд вилоят босқичида иштирок этди.

Шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлигида яратилган Ватан, миллий қадриятларимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз, халқимизнинг бунёдкорлик фазилатлари, гўзал табиатимиз, юртимиз жамоли, истиқлол даврида эришган ютуқларимиз тараннум этилган янги қўшиқлар ижро этилди. Қўшиқлар мусиқасининг оригиналлиги, матннинг таъсирчан бадиий образларга бойлиги, мазмундорлиги, Ватанга муҳаббат ва истиқлолга садоқат ғоялари билан йўғрилганлиги баҳолашнинг асосий мезони бўлди.

Танлов якунига кўра, вилоят академик ва халқ бадиий жамоалари хонандаси Озода Аҳмедова ғолиб деб топилди.

Тойлоқ туманидан Санжар Расулов, Каттақўрғон шаҳридан Малика Акмалжонова ва Шаҳбоз Иззатов жуфтлиги иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

Учинчи ўринни нурободлик Валерия Харламова, Пастдарғом туманидан Сардорбек Абдуваҳобов ва Самарқанд шаҳридан “Трио” вокал гуруҳи аъзолари эгаллади.

Fолиблар кўрик-танловнинг республика саралаш босқичида иштирок этади.

 Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”

Бахтиёр Мустанов олган сурат.