2018-07-20 13:01:38

МОҚДА ЁШ ШАХМАТЧИЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Хабарингиз бор, 7-15 июль кунлари Шри-Ланкада шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Қитъамизнинг 15 мамлакатидан 450 нафардан ортиқ шахматчи қатнашган мусобақадан ўзбекистонлик ёш ақл-идрок соҳиблари юртимизга 34 та медаль билан қайтиб келишганди.

19 июль куни қитъа биринчилигида умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлган шахматчиларимиз Миллий олимпия қўмитаси томондан тақдирланди. Тантанали маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари, ёш чемпионлар ва уларнинг ота-оналари, мураббийлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

«Сизлар бугунги кун қаҳрамонисизлар. Бунинг учун энг аввало ота-онангизга раҳмат айтишимиз лозим. Сизлар тенгдошларингизга ҳақиқий намуна бўла олдингиз. Айнан сизга қараб улар ҳам юқори мақсадлар сари интиладилар. Шахмат қийин спорт турларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун ақлан, руҳан ва жисмонан кучли бўлиш лозим.

Насиб қилса, келажакда сизлардан Ватанимиз ва жамиятимиз учун фойдаси тегадиган инсонлар етишиб чиқади», — деди Жасур Матчанов.

Шундан сўнг тадбир қаҳрамонларига Миллий олимпия қўмитасининг совғалари — Samsung Galaxy Tab E планшетлари тақдим этилди. Спортчиларимиз мураббийи Акмал Файзуллаев ҳам махсус совға билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионати давомида Умида Омонова, Ҳумоюн Бегмуротов, Афрўза Ҳамдамова, Давлатбек Маҳмуджонов, Ситора Сапарова, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Олмос Раҳматуллаев, Али Қосимов, Абдималик Абдисаломов, Руқия Олимова, Зилола Актамова, Тоҳир Неъматов, Моҳинур Ҳабибуллаева, Муҳаммадзоҳид Суяров каби ёш юртдошларимиз шахматнинг стандарт, блиц ва рапид йўналишларида зафарли юришни амалга ошириб, шоҳсупага кўтарилишган эди.

 “Туркистон-пресс”