2018-07-20 14:16:44

УМИД АҲМАДЖОНОВ ИТАЛИЯ ФУТБОЛ ФЕДЕРАЦИЯСИ МУТАСАДДИЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Италия мураббийлари ассоциацияси президенти ва Италия футбол федерацияси мураббийлар мактаби раҳбари Ренцо Уливьери ҳамда Италия футбол федерациясининг Ёшлар сектори техник координатори, “Аталанта” клуби академияси мутахассиси Стефано Бонаккорсолар Тошкентга ташриф буюриб, мамлакатимиздаги мураббийлар учун семинар ўтказмоқда.

19 июль куни Миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Ренцо Уливьери ва Стефано Бонаккорсолар билан учрашди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида Италия футбол федерацияси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртимиздаги мутахассислар, жумладан, футбол мураббийларининг малакасини оширишда Европа футболи тажрибасидан унумли фойдаланиш, иш ўрганиш мақсадида мураббийларимизни Италияга юбориш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, италиялик мутахассислар томонидан ўтказилаётган семинарлар давомида мураббийларга машғулот ўтказиш тартиби, учрашувларга тактик ва жисмоний тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ўқув курслари ташкил қилинади.

“Туркистон-пресс”