2018-07-23 14:12:29

ҚИБРАЙЛИК ҲУНАРМАНДЛАР САМАРҚАНДГА САЁҲАТ УЮШТИРИШДИ

20 июль куни Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокимлиги ва туман “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Саёҳатда тумандаги ҳунармандлардан 50 нафари иштирок этиб, улар Имом Ал Бухорий мажмуаси, Темурийлар мақбараси, Регистон, Шохи Зинда тарихий масканлари ва Улуғбек обсерваториясини зиёрат қилишди. Ҳунармандлар самарқандлик усталарнинг ишлари билан яқиндан танишишди ва ҳунармандлик марказида бўлишиб, олиб борилаётган ишлар, уларнинг самараси ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишишди, моҳир усталар билан фикр алмашинишди.

Саёҳатнинг янада мазмунли бўлишини таъминлаш мақсадида “Personal Brending” ташкилоти билан ҳамкорликда бизнес тренинг ҳам ташкил этилди. Тренингда бизнес жараёнининг асосий қоидалари, ҳунармандчиликнинг асосий тамойиллари, олиб борилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилиши билан биргаликда, бизнесмен онги, маҳсулот ва фаолиятни баҳолаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг бозорлари, интернет тармоғидан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда ўз маҳсулотларини тақдим этиш ва бошқа йўналишларда машқлар амалга оширилди, маслаҳатлар берилди.

Ҳунармандлар саёҳатдан мамнун эканликлари, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганликларидан хурсандликлари ва бизнес тренинг улар учун жуда фойдали эканликларини таъкидлаш билан биргаликда, бундай тадбирларнинг тез-тез такрорланиб туришини, бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилиши жоиз эканлигини  айтиб ўтишди.

Сурайё ИМОМОВА,

 “Туркистон-пресс”