2018-07-25 17:14:45

НАВОИЙДА 10 МИНГ ГЕКТАР ПИСТА ПЛАНТАЦИЯЛАРИ БАРПО ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий вилоятида ўрмон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Унга мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Нурота давлат ўрмон хўжалиги, Кармана туманида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази ташкил этилди.

Нурота тумани ҳудудида писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш, ўрмонларни тиклаш, иҳота ўрмонзорларини кўпайтиришни таъминлаш Нурота давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий марказининг асосий вазифаси, шу жумладан,қум кўчиши ва шамол эррозияларига қарши ўрмон барпо этишнинг илмий технологияларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Қарорга кўра, Нурота туманидаги Сентапсой ва Чуя ҳудудларида 10 минг гектар майдонда писта плантациялари барпо этилади.

“Туркистон-пресс”