2018-07-30 16:57:39

АҚШ МАГИСТРЛИК ДИПЛОМИНИ ЭНДИ ЎЗДЖТУДА ҲАМ ОЛИШ МУМКИН

Айни пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ва бир нечта олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация АҚШнинг Вебстер университетида меҳмон бўлиб турибди. Бу ҳақида Ўзбекистон жаҳон тиллари университетидаги манба Халқ сўзига маълум қилди.

26 июль куни ЎзДЖТУда Вебстер университетининг TESL — инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш ихтисослиги бўйича бир йиллик магистратура дастурини очиш ҳақидаги келишув имзоланганди. Бу Америка олий таълим муассасасининг Марказий Осиёдаги биринчи магистрлик таълим лойиҳаси бўлади. Келажакда бошқа мутахассисликлар бўйича ҳам ҳамкорликдаги таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Жорий йилда бу дастурда иштирок этиш учун нафақат Ўзбекистон, балки, Марказий Осиёнинг барча давлатларидан мутахассислигидан қатъий назар бакалавр даражасига эга, инглиз тилидаги билим даражаси IELTS — 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификатларга эга ёшлар ҳужжат топширишлари мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари билан ёшларнинг халқаро даражада олий таълим олишлари учун тўлов-контракт пули миқдори АҚШдаги каби 27 минг АҚШ доллари эмас, балки мамлакатимиздаги халқаро ОТМлар магистрлик даражаси учун тўланаётган қийматга яқин бўлиши мўлжалланган.

ЎзДЖТУдаги Вебстер университети магистратурасида америкалик мутахассислар билан бир қаторда махсус танловдан ўтган маҳаллий ўқитувчилар ҳам дарс беришади.

Ушбу магистратура дипломи билан битирувчилар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё олий таълим муассасаларида дарс бериш имкониятига эга бўладилар.

Вебстер университетининг ЎзДЖТУдаги магистратурасига қабул жорий йилнинг август ойидан бошланади ва бунинг учун бакалавр даражасига эга битирувчилар қуйидаги ҳужжатларни топширишлари лозим: бакалаврлик дипломи, диплом иловасининг нотариал тасдиқланган таржимаси, IELTS бўйича 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификат ва CV. Танлов АҚШнинг Вебстер университетида ўқишга талабгорларнинг ҳужжатлари асосида амалга оширилади.