2018-07-30 17:57:26

САМАРҚАНДДА “МУЗ САРОЙИ” ҚУРИЛМОҚДА

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов “Самарқандкимё” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Бугунги кунда корхонада 800 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда. Асосан нитрокальций фосфатли ўғит ишлаб чиқарилмоқда. 

Вилоят раҳбари хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда маҳсулот тури ва салмоғини ошириш юзасидан тавсиялар берди.

Э.Турдимов корхона ҳудудидаги бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, чет эллик инвесторларни жалб этган ҳолда янги иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, маиший кимёвий воситалар ишлаб чиқариш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Айни пайтда бу ерда иш бошлаётган хитойлик ишбилармонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг истиқболли инвестицион лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шу куни Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳридаги собиқ “Сўғдиёна” истироҳат боғи ўрнида бунёд этилаётган замонавий инновацион боғ ҳамда аквапаркнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Мазкур мажмуалар қурилишида энг сўнгги технологиялардан фойдаланиш ва бу ерда маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлади.

Самарқандда илк бор қурилаётган “Муз саройи” қурилишида хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиш ва бунда ҳудуднинг табиий шароити ва имкониятларини ҳисобга олиш, мажмуалар атрофида кўнгилочар масканлар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”